“Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!”

Янгиликлар

IMG_5684Республикамиз Мустақиллигининг 25 йиллиги олдидан Тошкент вилоятининг барча туман шаҳарларида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” мавзуидаги маданий-маънавий тадбирлар ўтказилмоқда. Уларда юртимиз равнақи йўлида меҳнат қилаётган турли соҳа ходимлари, ижтимоий ҳимояталаб оилалар вакиллари, ёшлар, ҳарбий хизматчилар ҳамда Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари иштирок этмоқдалар.

Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши  томонидан жорий йилнинг 23 август куни Оҳангарон туманида ўтказилган маданий-маърифий тадбирда, мамлакатимизда истиқлол йилларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари халқимиз турмуши ободлигини янада ошириш, шаҳару қишлоқларимизни янада ривожлантириш, кўркамлаштириш каби эзгу мақсадларга хизмат қилаётгани тўғрисида сўз юритилди.

Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари  бирлашмаси Кенгаши раиси Ш.Собиров  ўз маърузасида  Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётган тараққиёт йўли бугун амалда ўзини тўла оқлаганини ҳар бир соҳадаги муваффақиятларимиз кўрсатиб турганлиги алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, тадбирда давлатимиз томонидан хотин-қизларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ижтимоий-иқтисодий муҳофазасини янада кучайтириш ва тизимли соғломлаштиришни ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар эътироф этилди.

Шу билан бирга ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, бугун Ўзбекистон ёшларининг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етаётгани, уларнинг интеллектуал ва маънавий даражаси тараққий топган давлатлардаги тенгдошлариникидан ортиқ бўлса ортиқки, аммо, кам эмаслиги таъкидланди.

Бугун касаба уюшмалари ҳам бу борадаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида кўп қиррали ишларни амалга оширмоқдалар. Хусусан, ёш мутахассислар, хотин-қизларни ва жисмоний имконияти чекланган инсонларни, ижтимоий ҳимояталаб оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сиҳатгоҳларда соғломлаштириш, фарзандларини ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига жалб этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбирда Оҳангорон туманида истиқомат қилувчи 17 нафар  эҳтиёжманд оила аёлларига электр-маиший техника жиҳозлари байрам тухфаси сифатида тақдим этилди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари учун таниқли санъаткорлар ва ёш истеъдодлар иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди. Озод ва обод юртимизни тараннум этувчи куй ва қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бахш этди.

Оҳангарон тумани Телов МФЙ, Олмазор маҳалласида истиқомат қилувчи Марҳамат Юлдашева бугунги доруломон кунларга шукроналик келтириб, мамлакатимизда давлатимиз томонидан ҳар бир соҳада яратилаётган кенг имкониятлар учун миннатдорчилик  билдирди.

IMG_5747 SAM_0906

Print Friendly, PDF & Email